Ҳайрли тун, Меҳмон!

Бугун 16-феврал 02:22

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» UzFIFA.NET - Футбол Янгиликлари
» Шахло Ахмедованинг Телеграми
» Бизнинг Телеграм каналимиз

Мадина шаҳрида ўқиш учун паспортини сохталаштирган андижонликка жазо тайинланди

. Қўшилган вақти: 12.01.2019, 18:25
. Кўрилди: . 72



Мадина шаҳридаги Жомеат ул-Исломия Университетида таҳсил олмоқчи бўлиб, фуқаролик паспортини сохталаштириб, қарийб 10 йил Саудия Арабистонида яшаган фуқаро Д.Қ.га Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»
Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси Носиржон Расуловнинг маълум қилишича, Андижон шаҳрида яшаган 1976 йилда туғилган Д.Қ. 2008 йилнинг сентябрь ойида Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Жомеат ул-Исломия Университетида ўқиш истагида қонунга хилоф равишда қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига ўтиб, у ерда терговда аниқлашни имкони бўлмаган шахс ёрдамида 500 АҚШ доллари эвазига ўзининг фотосурати туширилган, 1983 йил 19 мартда туғилган Абдураҳмон Ибрагимов номига расмийлаштирилган қалбаки Қирғизистон Республикаси фуқаролик паспортини олган. Сўнгра ундан фойдаланиб, хорижга чиқиш рухсатномаси стикерни расмийлаштирмасдан, 2008 йил 11 сентябрь куни Бишкек-Истанбул-Жидда йўналишидаги авиарейс орқали Саудия Арабистонига борган. Университетга кира олмагач, бир неча шахслардан диний таълим олиб юрган.

2013 йил апрель ойида онасининг бетоблигидан хабар топиб, Мадина-Истанбул-Ўш йўналишидаги авиарейс орқали дастлаб Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига келиб, Фарғона вилояти Водил тумани ҳудудидаги айланма йўллар орқали белгиланган тартибни бузиб, Андижон шаҳрига келган. Яшаш манзилида бир неча кун бўлиб, онаси вафотидан сўнг яна ўша йўл орқали Арабистонга жўнаб кетган.

2017 йилда Саудия Арабистони ҳукумати томонидан қиролликда ноқонуний яшаб келаётган фуқароларни давлатдан чиқиб кетишлари ҳақида қарор қабул қилинганидан сўнг Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига кўчиб ўтган. Танишлари ёрдамида иш топиб фермада ишлаётганида 2018 йилнинг февраль ойида ички ишлар ходимлари келиб, ноқонуний юргани сабабли вақтинчалик бир ойдан ортиқ муддат давомида қамоқхонада сақлашган.

2018 йилнинг апрель ойида қалбаки фуқаролик паспорти билан Тошкент вилоятида жойлашган «Ғишт кўприк-автойўл» халқаро ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган вақтда ҳарбий қисм чегара наряди томонидан ушланган.

Суд ҳукмига кўра, у ЖКнинг 223-моддаси 2-қисми «в» банди, 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилган ва 59-моддасига асосан жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жазони ўташ давомида яшаш хонадонини кечки соат 21:00 дан тонгги соат 6:00 га қадар тарк этмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик ҳақидаги қўшимча тақиқлар юкланган.




Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2018-2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2018 йил 1-май куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика