Ҳайрли тун, Меҳмон!

Бугун 16-феврал 02:22

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» UzFIFA.NET - Футбол Янгиликлари
» Шахло Ахмедованинг Телеграми
» Бизнинг Телеграм каналимиз

Қайси давлатларнинг олтин захираси кўп?

. Қўшилган вақти: 08.02.2019, 17:00
. Кўрилди: . 438


Қайси давлатларнинг олтин захираси кўп?


Инсоният азалдан олтинга ишқибоз бўлиб келган ва бойликнинг бу шаклини жуда қадрлайди. Давлатлар ҳам ўз олтин захираларини яратишга ва кўпайтиришга интилиши бежизга эмас. Чунки бу қимматбаҳо металл иқтисодий бўҳронларга чидамли, ўз баҳосини барқарор сақлай олади.

Қуйида 2018 йил маълумотларига кўра олтин захиралари ҳажми бўйича кучли ўнликка кирган давлатлар рўйхати келтирилади.

10. Ҳиндистон 560,3 тонна
Бу давлатда олтинни жуда яхши кўришади ва аҳоли томонидан катта миқдорда харид қилинади. Айниқса куз-қиш ойларида бўлиб ўтадиган тўйлар мавсумида олтин бозори янада қизийди. Давлат ҳам бу металлга беэътибор эмас ва катта захира тўплаб қўйган.

9. Нидерландия 612,5 тонна
Голланд марказий банки ўз олтинларини Амстердам шаҳридан Нью-Амстердамдаги янги лагерга кўчириш орқали хавфсизликни кучайтиришни режалаштирган. Бунга етарли сабаблар бор – Нидердандия ўзи кичик давлат бўлса-да, олтин захираси билан кўпчиликнинг ҳавасини келтира олади.

8. Япония 765,2 тонна
Иқтисоди жиҳатдан кучли учликда бўлган бу давлат олтин сақлаш бўйича ҳам етакчилардан бири ҳисобланади. Бу давлат аҳолисининг ўзига хос жиҳати давлатга зарурат туғилганда одамлар ўз олтинларини беришга тайёр туришади.

7. Швейцария 1,040 тонна
Иккинчи жаҳон уруши даврида бетарафлик сиёсатини қўллаган бу давлат ўша йилларда олтин савдосининг марказига айланишга муваффақ бўлганди. Бугунги кунга келиб бу савдолар асосан Осиёга, хусусан Ҳонгконг ва Хитойга кўчди.

6. Хитой 1,842 тонна
Яқин-яқингача Хитой ўзининг олтин захиралари бўйича маълумотларни ошкор қилмасди, аммо сўнгги йилларда шаффофлик сиёсати қўлланилмоқда. Бу давлат иқтисодига нисбатан олтин захираси кам туйилади. Бу тўғри, Хитой ўзининг умумий захирасининг 2,5 фоизинигина олтин шаклида сақлайди, қолган захиралар хорижий валюта ва қимматли қоғозлар кўринишида.

5. Россия 1,910 тонна
Охирги 7 йил давомида Россия марказий банки энг йирик харидорлардан бири бўлиб келди. Бунга сабаб бор эди албатта. Доимий санкциялар натижасида Россия захирани оширишга мажбур эди ва шу йўл билан ўз иқтисоди ҳамда валютаси барқарорлигини таъминлашга уринди.

4. Италия 2,400 тонна
Европа марказий банки раҳбари, шу давлат вакили бўлган Марио Драги олтин энг ишончли захира воситалари эканлигини кўп бора таъкидлаган. Итальянлар ўз ҳамюртларининг тавсияларига амал қилган ҳолда нафақат қитъада, балки дунёда ҳам олтин сақлаш бўйича етакчилардан биридир.

3. Франция 2,436 тонна
Франция марказий банки сўнгги йилларда олтин олишга нисбатан кўпроқ сотмоқда. Аммо шунга қарамай бу давлат захираси жуда улкан. Чунки азалдан иқтисодий бақувват бўлган Франция хазинани бойитишга алоҳида эътибор қаратган.

2. Германия 3,3 минг тонна
Германия ўз олтинининг салмоқли қисмини Франция ва АҚШда сақларди. Аммо 2013 йилдан бошлаб уларни ўзига қайтариш дастурини олиб борди ва 675 тонна олтин Германияга қайтарилди. Олтин баҳоси тушган ёки кўтарилган пайтларда ҳам Германия захирани кўпайтириш ҳаракатида бўлади.

1. АҚШ 8,1 минг тонна
Бу давлатда жамланган олтин миқдори кейинги учлик давлатларининг олтинлари қўшилганидан ҳам кўпроқдир. Бу қимматбаҳо металлар Кентуккидаги Форт-Нокс, Филадельфия захирахонаси, Денвер ва Сан-Франциско депозитларида сақланади.

АҚШ олтинни нафақат ўз ҳудудидан (асосан Аляскадан) қазиб олиш, балки хориждан ҳам фаол сотиб олиб, захирани кўпайтириш билан шуғулланади. Шунингдек, бу давлат банклари хориж олтинларини сақлаш ҳажми бўйича ҳам етакчилик қилишади.

Мавзуга оид: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам сўнгги йилларда олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиб бормоқда.

2018 йилнинг декабрь ойида ялпи олтин-валюта захиралари 1,09 млрд АҚШ долларига ортиб, 27,08 млрд долларни ташкил қилган.
2019 йил 1 январь ҳолатига кўра соф олтин-валюта захиралари ҳажми 26,3 млрд АҚШ долларини ташкил этган.

Аброр Зоҳидов




Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2018-2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2018 йил 1-май куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика