Ҳайрли кун, Меҳмон!

Бугун 21-май 10:22

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

Бугун! Эртага жуда кеч бўлади...

. Қўшилган вақти: 15.03.2019, 13:20
. Кўрилди: . 729


Бугун! Эртага жуда кеч бўлади...


Отам узоқ йўлга қатнайдиган катта юк машиналарини ҳайдарди. Ўн беш-йигирма кунда бир-бир кўриб қолардик. Орамизда алланечук узоқлик, совуқ муносабат бор эди. Болалигимда отам билан ўтказган пайтларим бўлганини ҳеч эслолмайман. Ҳатто отамнинг қучоғида ўтириб тушган суратим ҳам йўқ. Ўттиз йиллик умримда отамдан яхши бир сўз эшитмаган бўлсам-да, биз болаларининг ҳеч биримизга ёмон гапирмаган ҳам.

Кеча соат еттиларда ишдан келсам, қайнонам ҳам бизникида экан. Безовта кўринди. Ҳолбуки ўтган куни қайнонам меҳмонга келган, хотиржам чақчақлашиб ўтириб қайтган эди. Ҳайронлигимни сездирмасликка уриниб салом-алик қилдим. Эрим ичкари хонага имлади.

– Отанг юрак хуружидан оғрибди. Яхшиям, вақтида билиб, касалхонага, қатъий режимга ётқизишибди. Аҳволи ҳозир анча яхши экан.

Нима ўйлаётганимни, нимани ҳис қилаётганимни билмай талмовсираб қолдим. Ота бизнинг оиламиз учун унча аҳамиятсиз тушунча эди. Эҳтиёжимизни онамга айтардик. Ҳамма муаммоларимизни ҳал қиладиган онам эди. Шу сабабдан ҳам ҳаётимда ота деган сўзни ишлатган пайтларим жуда кам бўлди.

Эрим билан касалхонага кетяпмиз.

– Қатъий режимда ётгани учун ёнига бирор одам киритилмайди. Отангизнинг ҳол-аҳволини фақат шифокорлардан сўрайсиз, деди бир ҳамшира.

Катта шифокорни кутдик. Кутиш асносида хаёлимдан ҳар турли фикрлар ўтарди. Бошқа пайтлари ҳеч хаёлга келмаган нарсалар ҳам бўлар экан, бундай пайтда. Мен ҳам ҳозир охирги марта қачон отамни қучоқладим, дея ўйлардим. Қачон охирги марта отамга меҳр билан тикилгандим? Шу ёшимгача отамни бир ҳайитда бағримга босгандим, бир мартагина. Юрагим ғашланади. Чап кўксимда аччиқ оғриқ сездим. Ўттиз ёшда отасиз қолиш мумкинлиги ҳақидаги ўйлар ҳақиқатан ҳам одамни ғамга ботирар экан, буни биринчи марта ҳис қилаётган эдим.

Онам билан гаплашдим. Менга хабар бермагани учун жаҳл қилдим.

– Отанг “қизларни хавотирга қўйманглар” деган эди..., деди чорасиз ҳолда. Ажабо, отам бизни шунчалик қаттиқ яхши кўрармиди? Шу пайтгача отамни бағримга босмаганим, унга меҳрли кўзларим билан қарамаганим учун қаттиқ пушаймон бўлдим. Балки отам ҳам буни ўйлаб пушаймон бўлгандир...

Орангизда қанчалик масофа бўлишидан қатъий назар, ота-онангиз, жигарларингиз ҳузурига боринг ва уларни бағрингизга маҳкам босинг, экан. Зотан, бу ишни қилмаганингиз, қилолмаганингизнинг пушаймонлиги бир куни юрагингизни тилмасин. Агар ота-онангиз ҳаёт бўлсалар, ҳозироқ бориб уларни қучинг ва ёноқларидан меҳр билан ўпиб қўйинг. Ҳеч ким кафолат бермайди, балки бу ишни қилишингизга эртага жуда кеч бўлиб қолар... (Аллоҳ асрасин)

Кавсар НУР

Манба: Azon.uz






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика