Ҳайрли кеч, Меҳмон!

Бугун 20-март 18:54

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

Шавкат Мирзиёев маҳкумлар ва қамоқда сақланаётган шахсларга алоқадор янги қонунни имзолади

. Қўшилган вақти: 15.03.2019, 14:20
. Кўрилди: . 297


Шавкат Мирзиёев маҳкумлар ва қамоқда сақланаётган шахсларга алоқадор янги қонунни имзолади


Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан келтирилган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган. Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

қуйидаги мазмундаги 1974-модда билан тўлдирилди:
“1974-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш

Мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, унинг ишига тўсқинлик қилиш, унга била туриб ёлғон ахборот бериш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш, –

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;

Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги 392–I-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

141-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Жазони ижро этиш муассасаларининг, қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг (бундан буён матнда қамоқда сақлаш жойлари деб юритилади) маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини Вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига зудлик билан етказиб берилади.

Вакил шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти Вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади”;

қуйидаги мазмундаги 209-модда билан тўлдирилди:
“209-модда. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолияти

Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Вакил қамоқда сақлаш жойларига кирганида:
- қамоқда турган шахсларнинг сони ҳақида ахборот олади;
- қамоқда турган шахсларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганади;
- қамоқда турган шахслар билан, шунингдек қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёни боришининг баённомаси юритилади, зарур бўлганда техника воситаларидан фойдаланилади;
- шахснинг қамоқда туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;
- қамоқда сақлаш жойларининг маъмуриятидан қамоқда турган шахсни тиббий текширувдан ўтказишни, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ушбу шахснинг розилиги билан ҳозир бўлади;
- қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти раҳбарларидан қамоқда турган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади;
- қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;
- қамоқда турган шахсларни сақлаш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;
- тегишли давлат органларига уларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади.

Вакил шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда ҳам қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўради.

Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашиш учун Вакил томонидан эксперт гуруҳи тузилади. Эксперт гуруҳи тўғрисидаги низом Вакил томонидан тасдиқланади.

Эксперт гуруҳининг таркиби нодавлат нотижорат ташкилотларининг, қоида тариқасида, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган вакиллари орасидан шакллантирилади.

Вакил эксперт гуруҳи аъзоларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир вазифаларини белгилайди, шунингдек уларга қамоқда сақлаш жойларига ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар беради. Махсус йўлланма Вакил Котибиятининг ходимларига ҳам берилади”;

21-модда:
биринчи қисмидаги “тузилиши мумкин” деган сўзлар “тузилади” деган сўз билан алмаштирилди;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:

“Котибият тузилмасида Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашувчи сектор тузилади”.

Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

9-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи – ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилди:

- “об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш вақтида тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш;
- жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдамни олиш. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши фақат уларнинг розилиги билан амалга оширилади;
- меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек меҳнатига ҳақ тўланиши”;
- саккизинчи хатбошиси ўн биринчи хатбоши деб ҳисобланади;

84-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайди, ушбу турар жойлар, хоналар ёки камералар белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келиши керак”;

87-модда:
қуйидаги мазмундаги учинчи – тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилди:

“Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига қабул қилиш чоғида, жазони ўташ пайтида вақти-вақти билан, бироқ олти ойда камида бир марта, шунингдек мурожаатларга кўра тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий текширувдан ўтказиш махфийлик шартлари асосида амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида у билан суҳбат ўтказилади, маҳкум жазони ижро этиш муассасасининг карантин хоналарида тиббий кўрикдан ва санитария-гигиена тадбирларидан ўтади.

Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинаётганда ҳам, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда ҳам тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг ёнига зудлик билан киришини таъминлаши керак.

Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлганда озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахслар даволаш муассасаси ҳуқуқига эга бўлган колонияларга ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхоналарга юборилади, шунингдек улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган тақдирда, жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкумнинг розилиги билан унинг яқин қариндошларига ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг ўзи кўрсатган бошқа шахсларга бу ҳақда дарҳол хабар беради.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган тақдирда, телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шунингдек шифокорнинг рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади”;

учинчи – бешинчи қисмлари тегишинча ўнинчи – ўн иккинчи қисмлар деб ҳисобланади;

97-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилди:
“Тарбиявий ишлар босқичма-босқич равишда қуйидагича амалга оширилади:

- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига келган вақтда унинг психологик қиёфасини, тузалиш йўлига ўтишга мойиллигини аниқлаган ҳолда уни дастлабки тарзда ўрганиш;
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг онгини ўзгартириш бўйича тадбирлар ўтказиш, уларда содир этган жиноятидан пушаймон бўлиш ҳиссини уйғотиш;
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг талаб мавжуд бўлган касблар ва мутахассисликларга оид касбий таълимини ташкил этиш, ўқишни тугаллаганидан сўнг тегишли ҳужжат бериш ҳамда уларни кейинчалик ишга жойлаштириш”;

105-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилмайди:
меҳнат нормаларини бажармаганлиги учун, агар бу ишни рад қилиш ёки ишдан бўйин товлаш оқибати бўлмаса;
озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс руҳий ҳолати бузилишининг бевосита оқибати ҳисобланган бирор-бир қоидабузарлиги учун”;

106-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат, маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахсий хислатлари, унинг хулқ-атворига ва қоидабузарлик ёки қилмиш содир этишга таъсир қилиши мумкин бўлган, интизомий чоралар қўллаш учун сабаб бўлган руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлиги, шунингдек олиб ташланмаган ва бекор бўлмаган интизомий жазолари бор-йўқлиги интизомий жазони қўллаш чоғида инобатга олинади”.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика