Ҳайрли тун, Меҳмон!

Бугун 16-феврал 03:03

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» UzFIFA.NET - Футбол Янгиликлари
» Шахло Ахмедованинг Телеграми
» Бизнинг Телеграм каналимиз

Сардор Рашидов нега суст?

. Қўшилган вақти: 19.01.2019, 20:15
. Кўрилди: . 114


Сардор Рашидов нега суст?


Сардор Рашидовнинг ўйини менга ёқади. Агар ўзи хоҳласа салоҳияти билан бемалол Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлик қила олади. Унда иқтидор юқори, лекин фойдаланишга келганда негадир дангасалик қилади.

Сардор Рашидов август-сентябрь ойида Купернинг илк йиғинида қатнашганди. Ўшанда биз Сурия ва Эрон билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз. Рашидовнинг айниқса Сурияга қарши баҳсда ёрқин ўйин намойиш этгани ҳамон ёдимда. Ўшанда бу футболчи Эктор Купер қўл остида янаям ўзини кўрсатади деб ўйлагандим.

Лекин нимадир бўлди-ю, кейинги иккита йиғинга (октябрь - ноябрь) жиззахлик ярим ҳимоячи чақирилмади. Бу эса кўпчилик қатори мени ҳам ҳайрон қолдирди. Фақат декабрь ойига келиб Рашидов яна терма жамоадан таклиф олди ва Туркия йиғинига олиб кетилди. Туркия йиғинига борди дегани Осиё Кубогида қатнашадиган рўйхатдан деярли жой олади дегани эди. Якунда шундай ҳам бўлди.

Шундай қилиб Осиё Кубоги бошланди. Сардор Рашидов Уммон билан кечган баҳсни асосий таркибда бошлади, бироқ ҳеч ўйини қовушмади. Натижада мураббий уни 59-дақиқада Достонбек Ҳамдамовга алмаштирди. Афтидан унинг ўйини Куперга ҳам ёқмаган кўринади, терма жамоамиз бош мураббийи Туркманистонга қарши кечган 2-тур баҳсида умуман майдонга туширмади.

Гуруҳдаги охирги ўйинни Японияга қарши ўтказдик ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдик. Бу ўйинда Рашидов 76-дақиқада захирадан майдонга тушди ва ўйинни кучайтириш ўрнига ўзининг ғалати ҳаракатлари билан жамоа ўйинини ортга торта бошлади. Рашидов 2015 йил Австралияда ўтказилган Осиё Кубогида қуш бўлиб учганди. Унинг Саудия Арабистони билан кечган баҳсда майдонда нималар қилганини ҳали эсдан чиқарганимиз йўқ.

Ўзбек ўғлони шундай ўйнаса бўлар экан-у дегандим ўшанда ўзимга ўзим. (Ўзбекистон - Саудия Арабистони баҳсини стадионда кўриб, ўйинидан роҳат олганимни ва шундан сўнг Рашидовнинг мухлисига айланганимни яширмайман). Шундан кейин бу футболчининг ошиғи олчи бўлди. Қатарга кетди, бироз муддат у ерда фаолият юритгач, БАА чемпионатига келиб ўйнади. Кейин жамоа тополмай ноилож "Локомотив"га ўтди. Лекин ўтган йил кўрдикки, Сардор Рашидов "Локомотив"да ўзини кўрсата олмади.

Унинг учун яна олдинга қадам ташлаш учун битта вариант қолганди: Осиё Кубогида ўзини кўрсатиш. Аниқроғи, бу имкониятни унга Эктор Купер тақдим қилди. Бош мураббийнинг ишончини оқлаш учун ҳам Рашидов зўр ўйнаб бериши керак эди, аммо унинг Японияга қарши қандай ҳаракат қилгани кўнгилни жуда хира қилди.

Бу орада у Португалия клуби "Насьонал" билан шартнома имзолади. Қайси жамоага ўтиш унинг иши, Португалияга кетадими ё Англиягами, ўзи билади, лекин модомики ҳозир ТЕРМА ЖАМОА либосини кийиб юрган экан, ўзини бошқалардан алоҳида олмай майдонга тушганидан кейин борини бериши шарт.

Терма жамоамизда яхши футболчилар кўп, лекин айтайлик Одил Аҳмедов билан Отабек Шукуровнинг тўп тепаётган позицияси мухлисларни жунбушга келтирадиган ўйин кўрсатиш имконини бермайди. Аммо Рашидов - майдондаги эркин ижодкор. Қайтанга у Достон Ҳамдамовни ортидан эргаштириши керак эмасми?

Рашидов қачон майдонга тушмасин, ундан нимадир кутаман. Чунки у ностандарт футболчи, хоҳласа бир ўзи масалани ҳал қилиб қўя олади. Унда иқтидор ҳам, Худо берган талант ҳам бор. Лекин нима учун фойдаланмаяпти ҳайронман. Купер унга 15 дақиқа имкон берди. Аммо Рашидов тушгач, ўйинимиз кучаймади. Қайтанга 10 киши бўлиб қолгандек кўринди. Ахир бунақа пайтда "свежий" футболчи майдон бўйлаб учиши керак эмасми?

Япония билан ўйин ўтиб бўлди. Энди эслашдан фойда йўқ. Олдинда эса Австралия кутиб турибди. Австралия терма жамоасида ҳам Сардор Рашидовга ўхшаган эркин ижодкор бор - Авер Мабил, 21-рақамда ўйнайди. Мураббий уни учта ўйинда синаб кўрганди, иккита гол урди. Агар Рашидов Австралияга қарши майдонга тушса, уни Авер Мабил билан таққослашга ҳаракат қилиб кўраман.

Сардор Рашидов бизга кучли ўйинларда керак. Туркманистонни бошқа болалар ҳам эплай олади. Аммо Япония ва Австралияга ўхшаш рақиблар билан айнан Рашидовга ўхшаган кутилмаганда "портлай" оладиган футболчи ёрдам бермаса, бизга жуда қийин бўлади.

Х.Холиқов.

Манба: championat.asia




Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2018-2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2018 йил 1-май куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика