Ҳайрли кеч, Меҳмон!

Бугун 19-октябр 22:44

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

“Пахтакор” янги футболчиларини антиқа усулда таништирди (фото)

. Қўшилган вақти: 15.03.2019, 01:00
. Кўрилди: . 510


“Пахтакор” янги футболчиларини антиқа усулда таништирди (фото)


Ўзбекистон суперлигасида иштирок этадиган клублар янги мавсум олдидан ўз таркибига қўшиб олган футболчиларни кенг оммага таништириши анъана тусини олган.

Бироқ, мамлакатимизнинг етакчи жамоаларидан бўлмиш Тошкентнинг “Пахтакор” клуби негадир Ўзбекистон суперлигаси-2019 олдидан янги футболчилари тақдимотини ўтказмаганди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, биринчидан, “Пахтакор” жамоаси ўз сафига аксарият янги ўйинчиларни хорижда, аниқроғи миллий терма жамоамизнинг Осиё кубоги-2019даги иштироки тугагач қўшиб олди. Иккинчидан, БААдаги йиғинни якунлаб Ўзбекистонга қайтган жамоа тезда Осиё Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларига киришиб кетди.

Тошкентда “Эйр Форс” (Ироқ) устидан қозонилган ғалабадан ҳеч қанча ўтмай “шерлар” яна сафарга отланишди ва БААнинг “Ал-Наср” жамоасини мағлубиятга учратиб, ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўлланма олди. Кейин эса гуруҳ босқич ўйинлари бошланиб кетди. Аввалига Эронда машҳур “Персеполис” жамоаси билан дуранг қайд этилган бўлса, 12 март куни жамоа ўз уйида Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” клубини мағлуб этди. Хуллас, тақдимот маросимини ташкил этиш учун бўш вақтнинг ўзи йўқ эди ҳисоб. Ниҳоят бугун “Пахтакор” МАВСУМ-2019 олдидан ўз сафига қўшиб олган янги футболчиларни кенг оммага таништирди.

Маълумки, “шерлар” жорий мавсумда ўз таркибига оз эмас, кўп эмас, нақд саккиз нафар футболчини қўшиб олди. Даставвал янги футболчилар билан “Пахтакор” стадионида жамоанинг 2010 йилда туғилган тарбияланувчилари ўртасида ўзига хос шоу-учрашув ташкил этилди. Унда кучлар тенг келди – 2:2.

Шундан сўнг жамоанинг янги аъзоларига “Пахтакор”нинг янги мавсумдаги либослари тақдим этилди. Демак, янги мавсумда дарвозабон Санжар Қувватов 35-рақамли либосда ҳаракат қилса, тажрибали Садриддин Абдуллаев 7-рақамни танлади. Шунингдек, Марат Бикмаевга 21-, Достон Ҳамдамовга 17-, Сардор Собирхўжаевга 27-, Одил Ҳамробековга 20-, Акром Комиловга 4- ҳамда Жавоҳир Сиддиқовга 99-рақамли либослар топширилди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, маросимда хонанда DJ Piligrim томонидан “Пахтакор” клубига бағишлаб айтилган қўшиқнинг тақдимоти ўтказилди.

“Пахтакор” жамоаси ўзбек футболининг байроқдори саналади. Ва эътиборлиси, “шерлар” барча жабҳаларда клубларимиз учун ўрнак бўлмоқда. Хусусан, ишқибозлар билан ишлаш ҳамда жамоанинг ўз мадҳиясини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳам таҳсинга сазовор. Қанийди, бошқа клублар ҳам уларга ўхшашга интилишса.






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика