Ҳайрли тонг, Меҳмон!

Бугун 22-август 07:53

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

Гулнора Каримова ҳақида: “Маъбуда”ни ким “яратди”?

. Қўшилган вақти: 15.03.2019, 11:30
. Кўрилди: . 807


Гулнора Каримова ҳақида: “Маъбуда”ни ким “яратди”?


Бугун маҳаллий ва хорижий ахборот воситалари эътиборидаги энг шов-шувли мавзулардан бири Гулнора Каримованинг уй қамоғидан манзил колонияга ўтказилиши бўлди. Ижтимоий тармоқларда кимдир унинг шаънига бисотидаги бор лаънатларни ёғдиришдан чарчамаётган бўлса, уни тарафини олишга чоғланатёганлар ҳам учраб турибди. Гулноранинг хорижий банкларда “музлаб” ётган миллиардлари, данғиллама уй-жойлари, шоҳона қасрлари ҳақида ўқияпмиз, ҳайратга тушяпмиз. “Эсиз миллатнинг шунча бойлиги” дея таассуф чекяпмиз. Лекин бир саволга холисона жавоб беришга уриниб кўрайлик: Гулнора ким ўзи? Мана шундай манзаралар, вазиятлар юзага келишига, Гулноранинг антиқа қилиқлари туфайли дунё матбуотида достон бўлишимизда фақат унинг ўзини айблашимиз тўғримикин?

Аслида ҳар бир шахс ўз даврининг фарзанди, ўзи мансуб бўлган халқнинг вакили. Гулнора дунёнинг турли шаҳарларида нашъу намо сургандир, энг бойзеб шаҳарларда ҳашаматли саройларга эга бўлгандир, лекин у барибир шу жамиятда туғилиб ўсди. Шу муҳитнинг яхши-ёмон жиҳатларини ўзида жамлади.

Гулноранинг бу қадар кибру-ҳаво, манманлик тимсолига айланишига ҳам хорижликлар эмас, асосан ўзимиз сабаб бўлдик. Эҳтимол, кимлардир “у биринчи шахснинг қизи эди, унга ҳамма нарса мумкин эди” дея эътироз билдиришар? Балки мамлакатни 27 йил бошқарган раҳбар ўз фарзандига тўғри тарбия бера олганида, уни очкўз, манфаатпараст қилиб тарбияламаганида...” дейдиганлар топилар?

Эҳтимол, вақтида биринчи президент бошқарув тизимида қандайдир хатоларга йўл қўйгандир, қаттиққўлликни ҳаддан ошириб юборгандир. Бу ҳақда ҳар кимнинг ўзи фикри бор. Аммо, марҳум йўлбошчининг энг ашаддий танқидчилари ҳам уни порахўрликда, бойликка, ҳою ҳашамга муккасидан кетишда айблашдан тийиладилар. Бир пайтлар у билан ишлаган, уни таниган-билганлар Каримовнинг бошқаларга қараганда камтарона ҳаёт тарзига амал қилганини айтишади. Шу сабабли тўнғич қизнинг бу қадар ҳаддан ошиши, халқдан ўмарилган миллион-миллион пуллар эвазига ялло қилиб яшаганига унинг фақат “президентнинг қизи” эканлиги билан боғлаш тўғри бўлмаса керак.

Гулнорани сизу биз яшаган, ўзимиз нафас олган муҳит улғайтирди. Унга эсини танигандан бери тинимсиз хушомадлар қилишди. Унинг учун ҳамма эшиклар ланг очиқ эди. Унинг соясида ўзлари билганича иш тутишга, иш битиришга уринганлар ва бунинг уддасидан чиққанлар кўп бўлди. Фақат Гулнора эмас, унинг номидан, мавқеидан фойдаланганлар ҳам яхшигина “йиғиб-териб” олди.

Унинг қанчадан-қанча тадбиркорларни, давлат ва жамоат ташкилотларини “зир қақшатиб” ўтқазган хайрия тадбирларини ҳамма бир овоздан олқишлади. Ёшларимиз қандай бўлмасин, унинг лойиҳаларда иштирок этиб, кўзга кўриниш, имкон даражасида “опа”нинг назарига тушишга интилди. Санъаткорларимиз уни мадҳ этиб қўшиқлар куйлашди, қаламкашларимиз “шиғир”лар битишди, уламоларимиз кафт очиб дуолар қилишди, тадбиркорларимиз унинг “улуғвор” ишларига елкадош бўлишди, радио ва телеканалларимиз унинг ташаббуси билан ўтказилган тадбирларни “кенг ёритиш”дан чарчамади. Ҳеч ким “шошмай тур, сен кимсан ўзинг, нега бунча ҳаддингдан ошяпсан?” демади, деёлмади. Четдан туриб гапирганлар душманга чиқарилди.

Бутун бошли халқнинг кўз олдида ҳар ишга қодир, ҳар томонлама мукаммал “супервумен”, рамзий маънода “эзгулик маъбудаси” қад ростлади. Гулнора – сиёсатчи, Гулнора – олима, дипломат, хайриячи, санъат ва маданият ҳомийси, хонанда, модельер, дизайнер, тадбиркор, шоира, яна юз гирди балолар! Ахир биргина аёлга бунчалар “серқирралик” ортиқча эмасмиди?

Унинг ҳар бир ҳаракати “кенг жамоатчилик” томонидан қўллаб қувватланди, унинг “буюк одимлари”, “қойилмақом ғалабалари”га маҳлиё бўлдик, олқишлаб, уни янада руҳлантирдик. Ахир буларнинг барини “ўзга сайёраликлар” ёки ажнабийлар эмас, ўзимиз, шу юртнинг, шу халқнинг одамлари қилмадими?

“Опа” эса, бундай хушомадлар, олқишлар, рағбатлардан кун сайин юқорилаб, парвози юксалиб боргани сари, ўзини дахлсиз, ҳар қандай ишга ваколатли, шу жумладан халқнинг, давлатнинг мол-мулкини истаганча тасарруф этишга, ўзини “маликаи олия” ҳис этиб, ҳаммани оёқ учида кўрсатишга, хорижий юртлардан қиммат-қаҳат виллалар сотиб олиб, ҳад-ҳисобсиз бойликларни хориж банкларига жойлашга ҳақли деб билгани аниқ. Бундай вазиятда, бундай шарт-шароит ва имконятлар қуршовидаги бирор аёлнинг бошқачароқ йўл тутишига ишониш қийин.

Албатта, тўлмоқнинг тўкилмоғи тайин. Қачондир бу хонимнинг ҳам “чексиз ваколатлари”га чек қўйиладиган пайт келиши муқаррар эди. Ва бу муқаррар сарҳисоб ҳали “Ота”нинг кўзи очиқлиги пайтидаёқ бошланди. Гулнора ва унинг атрофидаги бир қанча корчалоннинг фаолиятига қонуний баҳо берилди.

Аммо, Гулнорани эртаю кеч унинг атрофида юрган саноқли кимсалар эмас, минглаб, юз минглаб одамлар яратган эмасмиди? Энди улар ё зўр бериб, “йиқилганни теп” шиорига амал қилиб, маҳкумани қалаштириб сўкишмоқда, ё бир четда жимгина томошабин бўлиб туришибди.
Мен-ку, Гулнорани оқлаш тарафдори эмасман. Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур. Шунча пайт мамлакат қонунларини оёқости қилиб келгани етмаганидек, устидан чиқарилган ҳукмга ҳам итоатсизлик қилган бўлса, албатта, қонун олдида жавоб бериши шарт. Лекин, уни айбламоқчи бўлганлар қачонлардир Гулноранинг “яратувчи”лар сафида бўлган-бўлмаганини бир мулоҳаза қилиб кўрса яхши бўларди...

Рустам Жабборов

Манба: Qalampir.uz






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика