Ҳайрли тонг, Меҳмон!

Бугун 10-декабр 07:09

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

"Эр қувватли бўлса, хотин уятли бўлар"

. Қўшилган вақти: 06.05.2019, 15:16
. Кўрилди: . 462


"Эр қувватли бўлса, хотин уятли бўлар"

Азал-азалдан халқимиз ориятли авлодларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Шунинг учун ҳам келин танлаш борасида етти ўлчаб, бир кесилган. Буни буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг ўғил ва невараларига насл-насабли оила фарзандларидан келин танлагани ва буни давлат иши сифатида кўтарганидан ҳам англаш мумкин…

– Ия, куёв ўйнаб кетдими?
– Келин ҳам қўшилди-ку! Жуда боплаб қўйди-ку!
– Қиз жуда ўйинчига ўхшайди-ку! Қойил-ей, бунақа томоша ҳеч кимнинг тўйида бўлмаган.
– Шу болага ўхшаган аҳмоқ ўйнатади-да хотинини! Бошқа ким ўйнатарди?! Қанча одам тикилиб турибди...
...Тахминан ўн йиллар илгари тўйларда, келин ўйини, эндигина урф бўлганди. Мен ўша пайтлар бунинг маънисига тушунмай, мухлислик қилардим. Ҳа, нима қипти, ўйнаса ўйнабди, ёш-да, дердим. Лекин тузукроқ разм солсак, бугун бу кулгили “одат” бутун жамиятни қуршаб олганига гувоҳмиз. Куёвжўраларнинг қийқириши, дугоналарнинг бақир-чақири, атрофдагиларнинг шодон қарсаклари келин ўйинининг “гуркираб-яшнаши”га энг асосий сабабдир. Бу “урф”нинг бошқа маъноси йўқ.

– Масалан, биз тарафларда ота қизи бўлмиш келиннинг тўйига бормайди, – дейди самарқандлик Аслиддин Рўзимуродов. – Агар шу тўйда ота қатнашса, уятга ботади. Тасаввур қилинг, қиз давранинг ўртасида рақс тушяпти, ҳамманинг кўзи унда... Ота кафтида қанддек авайлаб-асраб улғайтиради, орини сақлаб ҳимоялайди. Демак, қиз ҳам ликкиллаб, давранинг тўрига чиқиб кетмай, қўлидан тортса, ўйнаб кетавермай, отасининг ҳам обрў-эътиборини ўйлаши керак-ку!

Халқимизда келин хонадонга қут-барака, тозалик, орасталик, меҳр-оқибат, файз олиб келиши таъкидланади. Келин сиймосида ибо-ҳаё уфуриб туриши кераклиги, ҳар турли одамлардан ўзини тортиши зарурлиги айтилади. “Ақлли хотин – уй кўрки...”, “Қутли келин, қут келтирар”, деган ҳикматлар замирида ҳам айнан келинчакнинг ўзини тутиши ва атрофидагиларга ибрати ўз аксини топган. Миллий ўзлигимиз намунаси достонларда, халқ ижодиётида, тарихимизнинг энг оғир дамлари тасвирланган асарларда аёл эркакнинг номуси сифатида гавдалантирилган, ёрини ҳимоялаши зарурлиги уқтирилган. Хусусан, “Ўткан кунлар” романидаги Кумуш персонажи ҳақиқатан шарқона, ўзбекона келин тимсоли. Унинг ҳар бир ҳаракатида ибрат бор.

– Келин ва куёв муносабатлари ҳеч қачон ошкора бўлмаган, – дейди ўқитувчи Зуҳра Умарова. – Икковининг рақс тушиши, ҳар хил ғарбона қилиқлар кўрсатиши нима мақсадга қаратилган?.. Хотинининг рекламаси учунми? Уни кимга, нега реклама қиляпсан? Нима бўлгандаям, биз Кумуш ва Барчинойлармиз...

Образлар эскирмайди

– Тўйдан кейин жўралар билан базм пайти олинган видеони кўрдик, – дейди Аслиддин Худойбердиев. – Эркак кишида рашк бўлмаса, “даюс”дан фарқи қолмайди. Куёвнинг келин ўйнаганидан кейинги ҳолати ҳеч биримизни беэътибор қолдирмади. Ер ёрилмади, ерга кирмади. Келин базмидаги саҳналар-ку, майли, бироз чидаса бўладиган даражада, лекин тўй базмидаги қизлар рақси ҳозир жуда одамларни хижолатга қўяётир. Рашк иймондандур, дейилганидек, одамларнинг ҳирсли кўзлари жуфти ҳалолига тушаётганини англамаётган куёвларни англаш қийин...

Тўйни дабдабали ўтказиш илинжи, албатта, куёв ва келинни ҳар лаҳза ўйлантиради. Оиланинг жамиятдаги ўрни долзарб саналаётган бугунги давр йигит-қизларни янада сергак яшашга ундайди. Ваҳоланки, ғарбда аллақачон оиланинг мавқеи синган. Бу минг йиллар давомида шаклланган миллий анъаналарни менсимаслик ва оддий, замонавий деб тушунилган урфлар ортидан келиб чиқаётганини ҳар бир киши чуқур англаб етмоқда.

– Оилавий ажримлар кўпайгани сабаблари ҳам келиннинг юзи очилгани, куёвнинг ориятсизлиги ортидан келиб-чиқмоқда, – дейди Улмон момо Болтаева. – Келинчакнинг тўйда ўзини қўярга жой тополмаётгандек сакраши янги бораётган уйида қандай қабул қилинади? Ундаги камтарлик, камсуқумлик, оддийлик фазилатлари ён-атрофидагиларга таъсир кўрсатиши керак эмасми? Тилла топган тентакдек қичқириши қайнота-қайнонанинг ҳафсаласини пир қилади. “Эр қувватли бўлса, хотин уятли бўлар”, деб халқимиз бежиз айтмайди. Аввало, йигит киши хотинини овоза қилмаслиги керак...

Олимжон Жумабоев






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика