Ҳайрли тонг, Меҳмон!

Бугун 22-август 07:55

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

«Аякс» – «Тоттенҳэм»: Амстердамликларга еттинчи финал остонасида нималар тўсиқ бўлиши мумкин?

. Қўшилган вақти: 08.05.2019, 21:54
. Кўрилди: . 153


«Аякс» – «Тоттенҳэм»: Амстердамликларга еттинчи финал остонасида нималар тўсиқ бўлиши мумкин?

Чоршанба оқшомида «Йохан Кройф Арена» ўйингоҳида Чемпионлар лигаси яримфинали доирасидаги яна бир учрашув ўтказилади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
Аякс – Тоттенҳэм
8 май. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Брих (Германия).
Биринчи ўйин – 1:0.

Уйдаги омадсизлик
«Тоттенҳэм»нинг бир ҳафта олдин Лондондаги омадсизлигидан кейин «шпорлар»нинг ЕЧЛ финали орзусига катта сўроқ белгиси қўйилганди. Бу мавсумда кашфиётга айланган ёш голландлар Амстердамга муҳим ғалаба билан қайтишди. Энди лондонликлар жавоб ўйинида камида иккита гол уриши ёки дуранг ўйнаб, ўйинни пенальтилар сериясига олиб бориши талаб қилинади - бу эса осон эмас.

Бошқа томондан «Аякс» ЕЧЛнинг плей-офф учрашувларида 7 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти (+0=4-3), жамоа охирги марта 1996 йилда Дортмунднинг «Боруссия» клубини мағлуб этган (1:0).

Статистикага кўра, ЕЧЛнинг замонавий форматида фақат бир марта яримфинал ўйинида уй учрашувида мағлуб бўлган жамоа кейин финал чиққан ҳолат кузатилган: бу 1995-96 йилги мавсумда «Аякс» бўлган, амстердамликлар яримфиналдаги уй учрашувида «Панатинаикос»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, Афинада 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

«Тоттенҳэм» бундай натижага эришга иккинчи жамоа бўлишига ишонаётганига шубҳа йўқ.

«Ярим финалда ўйнашнинг ўзи ажойиб мотивация беради. Биз ҳамма нарса кутиш мумкин бўлган босқичдамиз. Тўғрисини айтсам, мен бу босқичда эканимиздан маза қиляпман. Биринчи ўйиндаги салбий натижамиз аҳволимизни оғирлаштирди, лекин ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳеч ким биз мавсумнинг охирги ҳафтасида Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш учун курашаётган бўлишимизга ишонмаганди, лекин биз буни эпладик. Қолганига ҳам ишончни сўндирмаслик керак»,- деди лондонликлар устози Маурисио Почеттино ўйиндан олдин.

Сон Хин Миннинг қайтиши


«Йохан Кройф Арена»да Почеттино «Тоттенҳэм»нинг ҳозирги вақтдаги асосий ҳужумчиси Сон Хин Миннинг хизматларидан фойдалана олиши ҳисобга олинса, инглизларнинг имкониятлари сезиларли даражада ошганини кўриш мумкин. Кореялик ҳужумчи бу мавсумни аъло даражада ўтказмоқда - барча турнирлар доирасидаги учрашувларда 20 гол ва 11 голли узатма. У «Манчестер Сити»га қарши ўйинларда ҳам асосий қаҳрамон бўлди (биринчи ўйинда ғалаба голи муаллифи ва жавоб ўйинида дубль). У «Аякс»га қарши Лондондаги биринчи ўйинни сариқ карточкалари сони ортиб кетгани туфайли ўтказиб юборишга мажбур бўлди, энди у сафга қайтиб, мезбонларнинг ЕЧЛ финалига еттинчи марта йўл олишига халал бера оладими?

Ўтган ҳафта «Тоттенҳэм» учун даҳшатли кечди. Бу сафар жамоада ширин туш бўладими?

Мавсумдаги илк соврин
Амстердамликлар клуби чоршанба оқшомидаги ўйинга аъло кайфиятда ташриф буюрмоқда - гап фақат Лондондаги керакли натижада эмас.

Якшанба куни жамоа «Виллем II»ни йирик ҳисобда мағлуб этди (4:0) ва мавсумдаги илк соврин - Нидерландия Кубогини қўлга киритди. Бу кубок амстердамликларга 19-марта насиб этмоқда (мамлакат рекорди) - шу билан биргаликда кейинги 9 йил ичида биринчиси, бу йиллар мобайнида пойтахтликлар икки марта финалга чиқишган ва икки сафар ҳам мағлуб бўлишган: 2011 йилда «Твенте»га (2:3), 2014 йилда «Зволле»га (1:5).

Қолаверса, амстердамликлар чемпионатда ҳам пешқадамлик қилишмоқда, мавсум якунига икки тур қолганида «Аякс» иккинчи ўриндаги «ПСВ»ни тўплар нисбатидаги фарқ эвазига ортда қолдирмоқда. Шундай экан, бу жамоа треблни орзу қилмоқда, дейиш мумкин.

Рамазон эффекти


5 май куни бутун дунёдаги мусулмонлар учун Рамазон ойи бошланди. «Тоттенҳэм» таркибида рўзадор футболчилар йўқ, «Аякс»да эса 3 нафар мусулмон футболчи бор: марокашлик ҳимоячи Нуссар Мазравий ва ҳавбеклар Ҳаким Зиёш ҳамда Закария Лабиад.0

Мазравий ўз позициясини билдириб ўтди: «Мен рўза тутяпман, бу оддий ҳолат. Ўйин соат 21:00да бошланади (Европа вақти билан), тахминан 21:15да мен захира ўриндиғига яқинлашиб сув ичиб олишим мумкин. Бу менинг танловим, бу ҳеч кимга халал бермайди».

Қайд этиш керакки, «Аякс» ўз футболчиларига рўза тутиш бўйича эркинлик тақдим этган. Лекин жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Раймонд Верхейен ҳеч нарса емасдан футбол ўйнаш иложсизлигини айтиб ўтган: «Тасаввур қилинг, 90 дақиқадан кейин жамоа 0:1 ҳисобида ютқазиб турган бўлса, қўшимча бўлимларда ўйнашда давом этиш учун қаердан куч олиш мумкин?».






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика