Ҳайрли тун, Меҳмон!

Бугун 26-июн 01:04

ЖАМИЯТ | ОЛАМ | ШОУ-БИЗНЕС | СПОРТ | ТЕХНОЛОГИЯ | LIFE STYLE

» Бизнинг Телеграм каналимиз
» Шахло Ахмедованинг Телеграми

Мурувват ойидаги, бемурувватлар

. Қўшилган вақти: 09.05.2019, 05:35
. Кўрилди: . 171


Мурувват ойидаги, бемурувватлар

Муборак кунлар шукуҳидан кўнгиллар ёришган онлардамиз. Ривоят қилишларича, соҳиби киромлар йилнинг олти ойида “Аллоҳим, бизни Рамазонга, Рамазонни бизга соғ-саломат етказ!” деб, қолган олти ойида эса “Аллоҳим, тутган рўзаларимизни даргоҳингда қабул қил!” дея Яратганга дуолар қилганлар.

Дарҳақиқат, бу ойнинг фазилатлари ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Эътироф этиш, соатлаб гапириш ўз йўлига-ю ушбу қутлуғ ой масъулиятини қанчалик ҳис қиламиз? Амалларимиз ажрини холис Аллоҳдан кутяпмизми? Кундузлари емоқ-ичмоқдан тийилиб, рўзадан кўзланган асосий мақсад — тақвони унутмаяпмизми?

Бир рус кампири нолиб қолди: “Мен бир нарсага тушунмайман,- дейди, - ўзбекларнинг деярли барчаси мусулмон, лекин мусулмонга ўхшамайди, нега шундай? Бошқа юртлардаги мусулмонларни кўрганман, байрам кунлари савоб учун маҳсулотларини текинга чиқариб қўяди ёки жуда арзон беради, сиз ўзбекларда бўлса, акси! Рамазон ойи бошланганидан бери бозорга киришга юрак бетламай қолди.

Мусулмонларнинг энг катта икки байрамида бундан ҳам баттар бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари жуда қимматлаб кетади. Одамлар барибир олади деб, қиммат қилишади. Уларнинг дини яхшиликка буюрмайдими? Ислом дини зулмдан, озор беришдан қайтаради-ку ёки мусулмончилик ҳам ҳар хил бўладими?”...

Аслида бу ҳақида кўп гапирилган. Ҳар йили мусулмон оламининг икки улуғ айёми (бошқа байрамларда ҳам шундай, лекин мусулмон байрамларидаги ҳолатни қабул қилиш қийин)да озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши сезилади. Халқда “кўп эмас, баракали бўлсин”, деган гап бор. Кўп дегани баракали, дегани эмас. Барака — Аллоҳники! У муборак қилган ойда, унинг фазли марҳамати, баракасидан умид узиб, фойда кўриш учун одамларга зулм қилиб барака топиш қайси ақлга сиғади?

Тожирлар ҳам айни ҳақиқатни англаб етсалар, топганлари салмоқли бўлмаса-да, баракали бўлар эди. Шундай одамлар борки, фақат Ҳайит айёмларда сархил егуликлар тановвул қиладилар, болаларига фақат шу куни тансиқ таомлар едиришга ҳаракат қиладилар. Айримларнинг мақсади, уч-тўрт сўм фойдани кўзлаб улуғ айём кунлари нархларни оширса, эҳтиёжманд оилаларнинг кўнглини синдирса. Бу билан қозонгани хайрли бўлармикан? Балки молини қиммат сотганида пулининг миқдори ортар, лекин бу пулнинг хайр-баракаси бўлармикан?

Салафлар: “Топганинг қай йўл билан келаётганини билмоқчи бўлсанг, уни қайга сарфлаётганингга боқ”, дейдилар. Улуғ кунларда ҳатто ғайридинлар ҳам юртдошлари эътиқод қиладиган дин ҳурматидан узоқ-яқин қариндошларидан хабар олади. Кўнгилларни қувонтиришга ҳаракат қилади.

Мусулмонликни даъво қилувчи айрим юртдошларимиз эса молини аввалгилардан икки-уч баравар қиммат нархда пуллаш учун дўконидан бери келмайди. Бундай кунларда инсонлар яримта хурмо билан бўлса ҳам жаннатдан ўзларига жой ҳозирлашга тиришадилар, баъзилар эса уларга молини қиммат сотганидан завқланиб, пулининг чўғига маҳлиё бўлиб ўтиради. Бу йўқсилликдан ҳам баттар ҳолат эмасмикан?

Кўзни очинг, ТОЖИРЛАР!

Ғарб мамлакатларида ҳар йили декабр ойининг охирида Исо алайҳиссалом таваллуди (Рождество байрами) муносабати билан жуда катта миқдорда савдо молларининг нархини тушириш тадбири амалга оширилади. Савдо дўконларининг витриналари бу ерда нархлар қанчага туширилгани ҳақида хабар берувчи реклама лавҳалари билан тўлиб, безаниб кетади. Йирик савдо компаниялари молларининг нархини пасайтиришда бир-бирлари билан чинакам мусобақа бошлашади. Мутахассисларнинг айтишларича, АҚШдаги Рождество байрами олдидан молларининг нархини тушириш туфайли савдо компаниялари бир-икки ҳафта ичида бутун йил бўйи қилган даромадларидан кўра кўпроқ фойда олишар экан.

Худди шу ўринда қизиқ бир савол туғилади: диний байрам муносабати билан молларининг баҳосини ўн фоиздан тўқсон фоизгача пасайтирган ғарблик тожирлар қандай қилиб йилни катта фойда билан якунлаганлари ҳолда уларга ибрат бўлиши керак бўлган мусулмонлар негадир Аллоҳнинг баракаси ҳақида унча бош қотирмай қўйишди. Бу кўнгилсиз ҳолат айниқса, мусулмонлар учун ниҳоятда қадрли ва шарафли бўлган Рамазон ойи кириб келиши билан яққол кўзга ташланиб қолади.

Рамазон ойининг баракасидан манфаат олишлари керак бўлган тожирларимиз айнан, шу ойда молларининг нархини бошқа ойлардагидан бир неча фоизга кўтариб юборишади. Нондан тортиб ширинликкача, мева-чевадан тортиб сабзавотгача, гўшт-сут маҳсулотлари-ю ҳатто айрим хизматларгача – ҳамма нарсанинг нархи бирданига осмонга “сапчиб” кетади.

Бутун дунёда, ҳатто Исломдан йироқ насроний ўлкаларда диний байрам ва саналар муносабати билан ҳамма нарса арзонлашгани ҳолда мусулмон юртларда бунинг акси бўлиши ҳеч қандай соғлом ақлга тўғри келмайди. Бунинг устига рўзадорларга қимматроққа пуллайман, деган ниятда Рамазон олдидан озиқ-овқат маҳсулотларини шошилинч суратда йиғиб-ғамлашга тушадиган савдогарларимизнинг борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

“Инсоф сари барака,” дейди доно халқимиз. Барака ойининг, хайр-саховат ойининг, меҳр-шафқат ойининг фазлини англамай, бу кунларда каттароқ фойда олиш, рўзадорларнинг пулини кўпроқ шилиш, энг ачинарлиси, бу ойда ҳам алдов, ҳийла, хиёнат каби қусурларидан воз кеча олмаётган айрим ноинсоф тожирларимиз кўзни каттароқ очиб, ғарбликлар тажрибаси ҳақида бироз мулоҳаза қилиб кўришса, ёмон бўлмас эди.


Аҳмад МУҲАММАД






Манба: Zamin.uz

Тавсия Қиламиз

Copyright © 2019
«7info.UZ»— Ўзбекистон ва Дунё янгиликлари
Хусусий веб-сайт сифатида расман 2019 йил 1-январь куни ўз фаолиятини бошлади.
Яндекс.Метрика